Россия Мудофаа вазирлиги вакили, генерал-майор Игорь Конашенков Суриянинг Идлиб вилоятида тинч аҳоли вакиллари устига берилган ҳаво зарбалари Россия самолётлари томонидан амалга оширилмагани ҳақида баёнот берди.

"Россия авиациясига Идлибда ҳеч қандай ҳарбий амалиётни, айниқса ҳаводан зарба йўллаш амалиётини бажариш вазифаси берилмаган", деган у.

Бундан олдинроқ Reuters агентлиги Россия самолётлари томонидан берилган ҳаво зарбалари оқибатида Идлиб ҳудудида тинч аҳоли вакилларидан 23 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганди.

Хабарда таъкидланишича, бу Россиянинг ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича февраль ойида тузилган сулҳидан кейинги энг йирик ҳарбий амалиёти бўлди.

"Reuters ва Syrian Observatory for Human Rights (ҳуқуқий ҳимоя ташкилоти - таҳр) кўринишидаги "британ махлуқлари тандеми"га танқидий кўз билан қаранг", дея даъват этган генерал.

Идлиб - Суриядаги "Ал-Қоида" билан алоқадор "Фронт ан-Нусра" ташкилоти жангарилари тасарруфидаги йирик шаҳарлардан бири ҳисобланади.

Россия Сурияда ИШИД жангариларига қарши 2015 йилнинг кузида ҳарбий ҳаракатларга киришганди.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари маълумотига кўра, Россия Сурияда ИШИДга қарши эмас, Башар Асад тузуми мухолифларига қарши кураш олиб бормоқда.