Европанинг НАТОга аъзо давлатлари, "Россия таҳдиди" ва миграция инқирози туфайли, 2016 йилда сўнгги 10 йилда биринчи маротаба мудофаа харажатларини оширади. Шимолий Атлантика альянси бош котиби Йенс Столтенберг The Financial Times газетасига берган интервьюсида шундай баёнот берган. 

НАТО бош котиби аниқ рақамларни келтирмаган бўлсада, FT нашрига кўра, 2016 йили альянснинг Европа мамлакатлари мудофаа мақсадида 253 миллиард долларни сарфлайди. АҚШнинг бир йиллик мудофаа бюджети эса, 618 миллиард долларни ташкил этади. Мудофаа мақсадларига ЯИМнинг камида 2 фоизи миқдорида маблағ ажратиш мажбуриятига кўра, НАТОга кирувчи Европа давлатлари юқоридаги рақамга йилига яна 100 млрд доллар қўшиши керак бўлади. 

Бунда, Болтиқбўйи мамлакатлари мудофаа учун кўпроқ пул сарфлашган. Хусусан, Латвия ҳарбий бюджетини 60 фоизга, Литва 35 фоизга, Эстония эса 9 фоизга оширган. Бундан ташқари, Польша ҳам ўз ҳарбий харажатларини 9 фоизга кўпайтиради.