Тошкентда 10 июндан "Бахт" деб номланган янги, ўта замонавий, сувдаги кўнгилочар боғ очилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Sputnik нашри мухбирига Бектемир тумани маъмуриятида маълум қилинди

Янги кўнгилочар мажмуа "Бахт" сунъий кўли негизида яратилади. Бу кўл ўтган асрнинг 70-йилларида Чирчиқ дарёси ёнида барпо этилган. 

Манбанинг маълум қилишича, боғ лойиҳаси 2014 йилдаёқ яратилган. Бироқ уни амалга ошириш учун 2016 йилгача кутишга тўғри келган, чунки боғга олиб борадиган транспорт, сармоячиларни жалб қилиш, экологик муаммоларни ҳал қилиш бўйича бир қатор жиддий муаммоларни ҳал қилиш зарур бўлган.

1970-йиллар бошидан 2000-йилларгача бу дам олиш зонаси Тошкентда энг оммавий жойлардан бири бўлган. Бироқ 2005 йилдан кейин боғ санитар-гигиеник ҳолатнинг ёмонлашиши сабаб секин-аста ҳувиллай бошлаган. Бу ерда дам олиш бетартиб бўлган, пляжни тозалаш, ичимликлар ва егуликлар сотиш билан шуғулланувчи бирор компания бўлмаган.

Шунингдек, Чирчиқнинг юқорисида қум ва шағал тош ишлаб чиқарувчи янги карьернинг пайдо бўлиши сувни кучли ифлослантирган ва бу ерни чўмилишга яроқсиз ҳолга келтирган. Шунинг учун боғ охирги 5 йил ичида чўмилиш учун ёпиқ бўлган.

"Бу ерда ечиниш-кийиниш хоналари ва тегишли инфратузилмани яратиш ўз ниҳоясига етмоқда, кўлнинг бутун қирғоғи, яъни 27 гектар, узунлиги 900 метр ва эни 300 метр бўлган майдон махсус келтирилган қум билан қопланади. Кўлнинг ўзи ҳам сузиш ихлосмандларига ёқади, унинг туби оммавий чўмилишга мўлжалланган бўлиб, 10 метр чуқурликка секин-аста қиялаб кетади", деб айтди манба.

Янги боғ бир нечта ҳудудга бўлинади. Мисол учун, бир ҳудудда болалар аттракционлари, картинг ва сигвейларда учиш учун майдон ўрнатилади. Яқинроқда эса тропик услубдаги, ёғоч каравотларга эга қаҳвахона жойлашади. Шунингдек, сув ҳавзалари бўлади, балиқ ови билан шуғулланувчилар учун сув ҳавзаси ва ҳаттоки кичик аквабоғ яратиш режалаштирилган.  

Боғ ташкилотчилари боғга транспортда етиб бориш муаммосини ҳам антиқа ҳал қилишди. Бунинг учун Оҳангарон шоссеси тагидан махсус туннел қазишга қарор қилинди. Туннелнинг бир учи пляжга, иккинчи учи эса катта автомобиллар тураргоҳига олиб чиқади.

Тирбандликлар билан боғлиқ вазиятни барпо этилаётган янги кўприк енгиллаштиради. Унинг қурилишини кейинги йилга битириш мўлжалланган. Бу кўприк пайдо бўлиши билан Тошкентга вилоятдан келаётган ва Тошкентдан вилоятга кетаётган машиналар янги боғга кетаётган машиналар билан учрашмайди.