1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Исмат Расулов (исм-шарифлари ўзгартирилган) тўрт нафар фарзанднинг отаси бўла туриб, ноқонуний ишга қўл урди. У 2015 йилнинг сентябрь ойида Тошкент вилоятинг Зангиота туманида жойлашган “Бек-барака” бозорида номаълум бир шахсдан 1500000 сўм эвазига тахминан 30 грамм опий гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиб олиб, бир бир қисмини ўзида сақлаб қўяди. 

1977 йилда туғилган Фарруҳ Нўъмонов эса муқаддам бир неча марта судланган бўлишига қарамай, такроран жиноят содир этди. У ҳам Исмат сингари қонунга хилоф равишда гиёҳвандлик воситаларини сотиш мақсадида, 1981 йилда туғилган Башир Муртазоев билан олдиндан тил бириктиради. Сўнг у билан Яшнабод тумани Ховос кўчасида учрашиб, опий гиёҳвандлик воситасини сотиб олиши учун Баширга 1440000 сўм пулни беради. Б.Муртазоев ҳам, ўз навбатида, Зокир Сайфуллаев билан ўзоро жиноий тил бириктириб, 2015 йил 27 сентябрь куни Яшнабод тумани Иззат ва М.Ашрафий кўчалари кесишмасида у билан учрашади. Сўнг Ф.Нўъмоновдан гиёҳвандлик воситаси учун олган 1440000 сўм пулдан 1000000 сўмини З.Сайфуллаевга опий гиёҳвандлик воситаси сотиб олиш учун бериб, қолган 440000 сўмини эса хизмат ҳақлари эвазига ўзоро бўлишиб олишади. 

Шундан сўнг З.Сайфуллаев ўзининг таниши, яъни Шавкат Асроров билан учрашиб, Б.Муртазоевдан олган пулдан 1000000 сўмини унга опий гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш учун беради. Ўз навбатида, Ш.Асроров шу куни 1973 йилда туғилган, муқаддам бир неча бор судланган Иноғом Тожиев билан учрашиб, З.Сайфуллаевдан олган 1000000 сўм пулдан 700000 сўмини унга опий сотиб олиш учун беради. Шавкат қолган 300000 сўм пул маблағини иноғом билан хизмат ҳақи эвазига ўзоро бўлишиб олишади.

Ундан кейин Иноғом ўзини қариндоши бўлмиш 1975 йилда туғилган Аброр Ҳамроев билан учрашиб, ундан опий гиёҳвандлик воситасини топиб беришини илтимос қилади. Унга гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш учун Шакватдан олган пуллардан 700000 сўмини беради. Ўз навбатида, Аброр Иноғомовнинг илтимосига кўра, опий топиб беришни сўраб, ўз таниши Илҳом Рафиқовга мурожаат қилади. Илҳом унга опийнинг ҳар бир граммини 100000 сўмдан сотишни маълум қилади.
Аброр 2015 йилнинг 30 сентябрь куни Учтепа туманидаги 21-мавзеда Илҳом билан учрашиб, унга Иноғомдан олган 700000 сўм пулни берганда, Илҳом Аброрга бир дона полиэтилен пакетга қадоқланган 4,53 грамм опий гиёҳвандлик воситасини 600000 сўм эвазига сотиб, унга қолган 100000 сўм пулларни қайтаради.

Шундан сўнг, Аброр шу куни қариндоши Иноғом билан Шайҳонтоҳур туманида жойлашган 1-сонли шаҳар касалхонаси олдида учрашиб, опийни унга ўтказиб, ортган пулларни қайтариб беради. Иноғом шу куннинг ўзида соат 20:30ларда Яшнабод тумани М.Риёзий мавзесида Шавкат билан учрашиб, қадоқланган 4,53 грамм опийни илгари олган пулари эвазига сотади.

Ўз навбатида, Шавкат ўша куниёқ соат 20:45ларда Яшнабод тумани Иззат ва М.Ашрафий  кўчалари кесишган чорраҳа яқинида Зокир билан учрашиб, унга опий гиёҳвандлик воситасини илгари олган пуллари эвазига сотади.

Зокир эса, ўз навбатида, соат 21:00 ларда ушбу гиёҳвандлик воситасини Баширга сотади. Шундан сўнг Башир соат 22:00ларда Яшнабод тумани Алимкент кўчасида жойлашган дўкон олдида Фарруҳга опийни ўтказади.

1 октябрь куни соат 15:30ларда Ф.Нўъмонов гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотиш мақсадида, Чилонзор тумани 16-мавзесида жойлашган уйлар яқинида “Ласетти” русумли автомашинада келиб, Б.Муртазоевдан сотиб олган полиэтилен пакетга ўралган “опий”ни сотмоқчи бўлади. Аммо уни сотмоқчи бўлган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ушланади. Фарруҳ ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларда жиноий мақсадини охирига етказа олмай, жиноий жавобгарликка тортилишдан қутулиш мақсадида, чўнтагидан ўткир тиғли пичоққа ўхшаш жисмни чиқариб қаршилик кўрсатади. Сўнгра у гиёҳвандлик воситасини ерга ташлаб юбориб, воқеа жойидан яширинади. Ўз навбатида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар  ходимлари томонидан ерга ташлаб юборилган гиёҳвандлик воситаси далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинди.

2015 йилнинг 15 октябрь куни соат 18:40 ларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ўтказилган, гиёҳвандлик воситалари билан ноқонуний муомала қилиш билан шуғулланувчи шахсларни аниқлашга қаратилган тезкор тадбир жараёнида Учтепа тумани 21-мавзесидаги уйларнинг бири олдида И.Рафиқов ушланди. Уни холислар иштирокида тинтув қилинганида, эгнидаги спорт костюмининг ўнг томон чўнтагидан “Кент” русумли сигарет қутиси аниқланиб, кўздан кечирилганда, унинг ичида бир дона полиэтилен ўрамига ўралган, жигарранг, ўткир ҳидли модда аниқланди. У модда далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинди.

Шу тариқа гиёҳвандфурушларнинг кейинги фаолиятига чек қўйилди.