Лотин Америкаси ҳудудидаги энг йирик авиаташувчи ҳисобланадиган Latam авиакомпанияси Венесуэладаги иқтисодий инқроз вазияти туфайли бу мамлакатга парвозлар амалга оширишни тўхтатади.

Бундан олдинроқ, Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси ҳам шундай қарор қабул қилганди. Компания бу қарорини Венесуэлага борувчилар сони камайиб кетгани билан изоҳлаганди.

Шунингдек, American Airlines, Air Canada ва Alitalia авиакомпаниялари ҳам Венесуэлага парвозлар амалга оширишни тўхтатган. Венесуэладаги  конвертация қоидалари авиакомпанияларга даромадларни долларга айлантириб, мамлакат ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга имкон бермаяпти.

Венесуэла иқтисоди мамлакатнинг асосий даромад манбаи бўлган нефтнинг нархи тушиши туфайли оғир аҳволга келиб қолган.

Венесуэлада юқори инфляция ва зарур истеъмол моллари тақчиллиги кузатилмоқда.

Coca-Cola компанияси ўтган ҳафтада шакар етишмаслиги туфайли бу мамлакатда ичимликларини ишлаб чиқаришни тўхтатгани ҳақида маълум қилди. Апрель ойида эса мамлакатдаги энг йирик озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимликлар ишлаб чиқарувчи Polar Group арпа дони йўқлиги туфайли пиво ишлаб чиқаришни тўхтатди.

Ўтган йили Венесуэла ЯИМи 5,7 фоизга қисқарган, инфляция даражаси 180 фоизга етган.

Иқтисодий вазиятнинг ёмонлашуви норозилик намойишларига сабаб бўлмоқда. Мухолифат бу муаммолар учун Уго Чавеснинг издоши Николас Мадурони айблаб келмоқда.

Венесуэла ТИВ бу тақчиллик ҳолати АҚШ томонидан давлат тўнтарилишига олиб келиш мақсадида сунъий равишда ҳосил қилинганини иддао этган.