WBA (Бутунжаҳон бокс ассоциацияси) президенти Жилберто Хесус Мендоса ўзбекистонлик Руслан Чагаев ҳамда австралиялик Лукас Браун ўртасида ўтказилган жанг юзасидан расмий баёнот берди. Унинг баёноти World Boxing News сайтида келтирилган.

Ташкилот раҳбарининг маълум қилишича, WBA (Regular) йўналиши чемпионлик камари учун 5 март куни Грозний шаҳрида кечган жанг расман ўтказилмаган деб топилган ва жанг натижаси бекор қилинган.

Эндиликда, Руслан Чагаевнинг профессионал боксдаги фаолиятида қайд этган мағлубиятлари сони 3тадан 2тага ўзгарган.

Эслатиб ўтамиз, Грознийдаги жангда Руслан Чагаев 10-раундда техник нокаутга учраб, мағлубиятга учраган эди. Лекин жангдан сўнг олинган ҳар икки допинг текшируви Лукас Брауннинг қон таркибида тақиқланган кленбутерол моддаси борлигини тасдиқлади. Шу тариқа, австралиялик боксчи расман WBA (Regular) чемпионлик камаридан маҳрум этилди. У 6 ой муддатга дисквалификация қилинган.

Энди Руслан Чагаев ўзига қайтарилган ушбу чемпионлик камарини Фрес Окендодан ҳимоя қилиш керак. Томонлар ушбу жанг юзасидан 120 кун ичида келишиб олишлари шарт.