Жиззах шаҳридаги 1-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига германиялик машҳур жазз йўналиши хонандаси, “De Phazz” гуруҳи вокалисти Пэт Эплтон ташриф буюрди. Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Маданият ва спорт  ишлари вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир вилоятимизда санъат йўналишида таҳсил олаётган ёшлар учун ажойиб имконият бўлди, деб ёзади kun.uz сайтининг Жизахлик жамоатчи мухбири А.Бинокулов. 

Жиззах санъат коллежининг Марям Мусурмонова раҳбарлигидаги оркестри жаҳон ва ўзбек мумтоз куйларидан ижро этишганида, Пэт Эплтон қувонч ва ҳаяжондан кўзларига ёш келганини яшириб ўтирмади, деб ёзади мухбиримиз. Концертлар залида Жиззах санъат коллежининг эстрада санъати бўлими вакиллари эстрада ва жазз йўналишидаги намуналарни маҳорат билан ижро этган. 

Шундан сўнг Пэт Эплтон вокал йўналишида таҳсил олаётган ёшлар билан мастер-класс ўтказиб, уларнинг ижро маҳоратини, овозни бошқариш, саҳна маҳоратини баҳолайди, машҳур санъаткор бўлиш учун зарур бўлган фазилатларни санаб ўтади. 

Шунингдек, пойтахтдан ташриф буюрган ўз соҳасининг машҳур усталари Зиёдулла Абдуллаев урма зарбли чолғулар, Рамил Исанбаев бас-гитара, Нодира Мелибоева чанг ва Қосимжон Назаровлар қашқар рубобда куй ижро этиш бўйича ўқувчилар билан мастер-класс ўтказишган.

Пэт Эплтоннинг вилоятга ташрифи “Форум” тантаналар мажмуасида жонли ижродаги концерти билан якунланган.