Арманистон президенти Серж Саргсян Европани Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ишонмасликка чақирди. У Bild нашрига берган интервьюсида шу ҳақида маълум қилган.

"Мен Европа Эрдўғанга кўр-кўрона ишонмаслиги керак деб биламан. У муҳожирлар масаласидаги қарорини қабул қилиши керак", деган Саргсян.

Унинг фикрича, Туркия ва Европа Иттифоқи ўртасида муҳожирлар масаласи бўйича келишув кутилган самараларни бермаяпти.

Арманистон раҳбарининг қайд этишича, у "Эрдўғанга ишониш тўғри эмаслиги"ни ўз тажрибасидан келиб чиққан ҳолда айтмоқда. У намуна сифатида Туркия билан дипломатик алоқаларини тиклашга уринишлари бефойда бўлганини келтирган.

Саргсян Германия парламенти "қўрқмасдан" арман геноцидини тан олишига умид билдирган.

Бундан олдинроқ, Эрдўған арман генойиди тан олингудек бўлса, бу расмий Анқара ва Берлин муносабатларининг дарз кетишига олиб келиши эҳтимолидан огоҳлантирганди.