Бразилия Рио Олимпиадаси вақтида сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида  Австралия, Канада, Япония ва АҚШ билан виза режимини бекор қилди. Бу ҳақда Франс Пресс агентлиги мамлакат туризм вазирлиги маълумотига асосланиб хабар тарқатган.

Вазирлик хабарида айтилишича, Бразилия ўз эшикларини иқтисоди ривожланган мамлакатлар аҳолиси учун очади.

"Бу мамлакатлардан келувчи сайёҳлар мамлакат иқтисоди учун ёрдам беради. Улар меҳмонхоналар, ресторанлар, автомобиллар прокати, тур агентликлари ва бошқа соҳалар учун маблағ келтиришади", — деган Бразилия туризм вазири Энрике Эдуарду Альвес.

Унинг маълум қилишича, ушбу чора Жанубий Америка мамлакатига ташриф буюришни истовчи саёҳатчилар сонини ошириш имконини беради.

Австралия, Канада, АҚШ ва Япония фуқаролари учун визаларни бекор қилиш ҳақидаги кўрсатма 30 декабрь куни Бразилия ҳукуматининг расмий нашри Diario Oficial’да чоп этилган эди.

Бразилияга эркин кириш ҳуқуқидан мамлакатга 2016 йилнинг 1 июнидан 18 сентябрига қадар ташриф буюрган сайёҳлар фойдаланиши мумкин. Саёҳатчилар учун визалар уларнинг Олимпиада тадбирлари учун чиптаси бор-йўқлигидан қатъи назар талаб этилмайди.

XXXI ёзги Олимпиада 5-21 август кунлари Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтади. Бу Жанубий Америкада ўтказиладиган илк Олимпия ўйинларига айланади.