Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Истанбулда ватандошларини аҳоли сонини кўпайтиришга чақирди.  

“Ҳомиладорликдан сақловчи воситалар ҳамда оилани режалаштириш – мусулмон оилалар учун эмас. Биз авлодларимиз сонини кўпайтирамиз. Бизга оилани режалаштириш, туғилишлар сонини назорат қилиш ҳақида гапиришади... Мусулмон оилалар учун бундай менталитет тўғри келмайди. Биз Аллоҳ буюрган йўлдан юрамиз ва Пайғамбаримиз маслаҳатларига амал қиламиз”, - деди у. 

Туркия раҳбарининг айтишича, сўнгги бир неча йилларда 1,3 фоиз нисбатда кўпайиб бораётган аҳоли сонини орттириш масъулияти асосан оналар зиммасига юкланади.

Бу президентнинг мазкур мазмундаги биринчи даъвоси эмас. Аввалроқ у ҳар бир аёл камида уч фарзанд кўриши лозимлигини билдирган ва ҳомиладорликдан сақланиш воситаларини ватанга хиёнат билан тенглаштирган. 

Эрдўғаннинг аёллар эркаклар билан тенг эмаслиги тўғрисидаги яна бир эълони туркиялик фаол аёлларнинг ғазабини қўзғатганди. Президент абортлар ва ҳомиладорликдан сақловчи тезкор воситалар ҳуқуқини чегаралаш таклифини ҳам киритган. 

Эрдўған ва унинг турмуш ўртоғи Эмине икки ўғил ва икки қизнинг ота-онаси. Яқинда президентнинг кичик қизи Сумайа ҳамда саноат соҳаси кўзга кўринган арбобларидан бири Селжук Байроқдор билан никоҳ тўйи бўлиб ўтган. Амалдорнинг катта қизи Эсра эса энергия вазири Берат Албайроққа турмушга чиққан, уларнинг уч фарзанди бор. 

Статистика бюроси маълумотларига кўра, Туркия аҳолиси ўтган йили 78,741 миллионга етган. 2000 йили эса бу кўрсаткич 68 миллион эди.