Япониянинг Toyota Motor корпорацияси чоршанба куни мамлакат ҳудудидаги 9та заводида автомобиль йиғиш ишларини тўхтатишга мажбур бўлди. Бунга автомобиллар учун тормоз тизими етказиб берувчи корхонада юз берган портлаш сабаб бўлди.

Сешанба куни шу сабаб билан корпорациянинг 4та заводида иш тўхтаб қолганди. Бу узилиш 2 июнь кунига қадар давом этиши тахмин қилинган.

Aisin Seiki компанияси заводида портлаш душанба куни рўй берганди. Портлаш натижасида 4 киши жароҳатланган. Бу заводда Toyota корпорациясига тўғридан-тўғри рақиб ҳисобланган Nissan Motor учун ҳам тормоз тизими учун эҳтиёт қисмлари тайёрланади.

Қайд этилишича, Toyota фаолиятида бундай узилиш жорий йилда учинчи марта юз бермоқда. Февраль ойида машиналар корпуси ишлаб чиқарувчи заводдаги портлаш туфайли иш тўхтаб қолганди. Апрелда эса Кюсю оролидаги Кумамото префектурасида рўй берган зилзила Toyota фаолиятига таъсир кўрсатганди.