Бирйўла уч фарзанд кўришини эшитган она учун бу кутилмаган ҳолат бўлди. Кичкинтойлар Роман, Рокко ва Роан шифохананинг интенсив даволаш хонасидан чиқиб, уйга кетишга отланганларида, уларнинг онасини яна битта "совға" пойлаб турганди.

Бошқа оналар кичкинтойларнинг бир-бирига сув томчисидек ўхшашларини айтганларидан кейин Беки-Жо ДНК намуналарини таҳлил қилдиришга қарор қилди. Шу тариқа у гап 200 миллиондан кишидан фақат бир нафарида учрайдиган ҳолат ҳақида кетаётганини англаб етди: эгизакларнинг учаласи ҳам генетик нуқтаи назардан мутлақо бир хил бўлиб чиқди. 

Фақат 23 ёшли онасигина кичкинтойларини адаштирмайди. Уларни ўзини тутиши ҳамда бошқа ҳолатларига қараб ажрата олади. 

"Уларнинг учаласида ҳам икки қошлари орасида туғма холлари бор, лекин Романнинг холи бошқалариникидан бироз тўқроқ рангда, Роаннинг эса оёғида туғма доғи бор", - дея изоҳлайди у. 

Олинган маълумотларга кўра, эгизакларнинг бир хиллигини аниқлашнинг ягона йўли - бу ДНК таҳлиллари. 

Май ойининг бошларида Беки-Жо Аллен таҳлиллар жавобини олди - унга кўра, болаларнинг учаласи ҳам генетик жиҳатдан бир хил бўлиб чиқди. 

"Мен ҳайратда қолдим, албатта, чунки улар генетик жиҳатдан бир хил чиқмаслигини кутгандим. Бироқ кейин ўйлаб қарасам, уларни мендан бошқа ҳеч ким ажратолмас экан, бу кўп нарсани англатади!" Ливерпуллик бу аёлнинг эгизаклардан ташқари бир қизи ҳам бор. 

Эгизаклар ҳомиладорликнинг 31-ҳафтасида кесарева йўли билан дунёга келишган. Рокко - 1,5 кг, Роман - 1,53, Роан эса - 1,64 кг бўлиб туғилган.

Кичкинтойлар уйда характерларини намоён қилишади. "Роан - энг тўполончиси, у доим қичқиради. Рокко - одатда оғир-босиқ, аммо кези келганда у ҳам жаҳл қилади. Роман эса одатда ҳеч ким билан бўлишгиси келмайди", - деди уларнинг онаси. 

Эгизакларга бир ҳафтада 130тача таглик ва 4 пачка болалар салфеткаси керак бўлади. Сутли аралашмалар тахминан икки кунга етади, кир ювадиган машина эса кунига уч маҳал ишлайди. Эгизакларнинг отаси 28 ёшли Лайам Тирней рафиқаси билан яшамайди, унга асосан 17 ёшли синглиси Лорен ёрдам беради.