Германиянинг Қуйи Саксония федерал ерида, 91 ёшли нафақахўр аёл икки рельс ўртасида қулай жойлашиб олиш орқали экспресс поезди остида ҳалок бўлишдан қутилиб қолди, деб ёзмоқда The Local нашри. У жиддий жароҳат олмаган. 

Нашрнинг ёзишича, воқеа Лангведел станциясини кесиб ўтаётган қария аёл билан юз берган. У соатига 160 км тезликда келаётган поезд йўлини кесиб ўтишга улгурмаслигини англагач, қўлидаги темир дастагини ўз устига жойлаган ҳолда, икки рельс орасига ётиб олган. 

Кейинчалик маълум бўлишича, бошқа бир поездни бошқараётган машинист аёлни кўриб қолиб, тез ёрдамни чақирган. Унинг ҳаётига ҳеч нарса таҳдид солаётгани йўқ. 

Полиция ходимларининг сўзларига кўра, одатда бу каби ҳолатларда жиддий жароҳат ёки ўлимдан қутилиб бўлмайди. Чунки рельслар оралиғидаги кишини поезд эзғилаб кетиши ёхуд либоси шасси деталларига илиниб қолиши мумкин.