Расмий Пекин Жанубий Хитой денгизи осмонида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими таъсир ҳудудини ташкил этиш ниятида. Бу ХХР назорат қилаётган тортишувли оролларни ҳам ўз ичига олади. Бу ҳақда, Ҳонконгнинг етакчи нашри The South China Morning Post газетаси, Хитой халқ озодлик армияси раҳбариятига яқин манбасига таянган ҳолда хабар қилмоқда. 

Нашрнинг ёзишича, бундай ҳудудни ташкил этиш муддати эса, минтақадаги хавфсизлик даражасига боғлиқдир. 

"Агар АҚШ қуролли кучлари, мазкур ҳудудда Хитой суверенитетига таҳдид солувчи қадамларни амалга оширишда давом этса, расмий Пекин ушбу денгиз осмонида ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳудудини барпо этишини эълон қилади", -деган газета манбаси.

Ўз навбатида, ХХР мудофаа вазирлиги, нашрнинг сўровига жавобида, бундай ҳудуд ташкил этиш имкониятини рад этмаган ҳолда, бу "суверен давлат ҳуқуқи" эканини қайд этган. 

2013 йил ноябрида расмий Пекин Шарқий Хитой денгизида худди шундай мудофаа ҳудудини ташкил этган эди. У, тортишувли аммо амалда Япония бошқарувидаги Дяоюйдао (Сенкаку) оролларини ҳам ўз ичига оларди. Хитойнинг бу сиёсати Токио, Сеул ва Вашингтоннинг кескин танқидига учради.