Сюй фамилияли хитойлик ўсмир йигит гадойлик қилиш учун бахтли ҳаёт илинжида самолётнинг юкхонасида Дубайга учиб кетди. Бу ҳақида Хитойнинг "Жэньминь жибао" газетаси хабар берди. 

Полиция 16 ёшли Сюйни Дубай аэропортида қўлга олди. У Emirates компаниясига қарашли А380 самолёти юкхонасида тўққиз ярим соатни ўтказган. Авиакомпаниянинг Хитой бўлими 25 май кечқурун ўсмир аэропорт деворидан ошиб тушиб, ҳаво кемасининг юкхонасига билинтирмай жойлашиб олганини аниқлаган. Сюй депортация қилиниши мумкин, шунингдек унга Араб Амирликларига киришни тақиқлашлари эҳтимолдан холи эмас. 

Хитойлик ўсмир бундай қилишга уни нима мажбур қилганини айтди. У Дубайдаги садақа сўровчилар йилига бир неча ўн минг доллар ишлаши тўғрисида эшитиб, ноқонуний йўл билан бўлса ҳам ўша ергача етиб олишни режалаштирган. Ҳаттоки, қўлга олинган тақдирда ҳам эшитган маълумотларига асосланиб, БААда маҳбусларга инсонийликдан келиб чиқиб муомала қилишларига умид қилган.

"Жэньминь жибао" берган маълумотга кўра, сўнгги пайтларла интернет тармоқларида Дубайда садақа сўраб минглаб долларлар ишлаб олиш мумкинлиги ҳақидаги хабарлар кўпайган.

"ХХР фуқаролари бу каби миш-мишларга ишонмасликларига умид қиламан. БААда гадойларга қарши қатор қонунлар қабул қилинди, қонунни бузганлар жазоланишади", - деди Хитойнинг Дубайдаги бош консули Ма Сюйлян.