«Реал» жамоасининг франциялик ҳужумчиси Карим Бензема Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешама ўзини Евро-2016 учун таркибга жалб қилмаганига муносабат билдириб ўтди.

«Дешам Франциянинг ирқчилари томонидан бўлган босим остида қолди. У миллатчи экстремистик партия кейинги 2 сайловда иккинчи босқичга ўтганидан хабардор. Дешам ўз танловини холисан амалга оширганми ёки бундай бўлмаганми, буниси менга қоронғу.

Спортчи сифатида мен унинг қарорини тушуна олмайман. Юридик жиҳатдан мен ҳукм қилинган шахс эмасман (Вальбуэнанинг шантаж қилиниши бўйича – таҳр), мен айбдор деб топилмаганман, суд қарори чиққани йўқ.

Мен футболни севаман ва терма жамоада ўйнашни истайман», – дейди Бензема.

Бундан олдинроқ, франциялик собиқ футболчи Эрик Кантона Бензема ва «Ницца» футболчиси Ҳотам Бин-Арфа Европа чемпионатида иштирок этиш учун Дидье Дешам томонидан чақирилмаганига сабаб сифатида бу футболчилар асли келиб чиқиши африкалик эканини айтган эди.

Кейинроқ, Дидье Дешамнинг адвокати Карлос Бруса афсонавий футболчи Эрик Кантонани бу сўзлари учун судга беришини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Франция футбол федерацияси Матье Валбуэнани шантаж қилиш иши юзасидан 2015 йилнинг декабрида Бенземани терма жамоадан вақтинча четлаштирганди.

Шунингдек, март ойида Франция апелляцион суди ҳужумчидан Валбуэнага нисбатан товламачилик иши бўйича назоратни қисман олиб ташлаганди. Шунга қарамай, 28 ёшли ҳужумчи Франциянинг Нидерландия ва Россия термаларига қарши март ойида бўлиб ўтган ўйинларига чақирилмаган эди.

Апрель ойида Карим Бензема Евро–2016 турнирида иштирок этмаслигини маълум қилди.