Computex 2016 кўргазмасида MediaTek компанияси Pump Express 3.0 янги махсус тез қувватлаш технологиясини тақдим этди. Унинг ёрдамида мобиль қурилма аккумулятори ўз қуввати захирасини бор-йўғи 20 дақиқа ичида 0 фоиздан 70 фоизгача тиклай олади. 

Ишлаб чиқарувчиларнинг қайд этишича, бу кўрсаткич одатий қувватланиш имкониятини беш мартагача оширади ва ўз қобилияти билан рақобатчи технологиялардан деярли икки баробарга ўзиб кетади. Pump Express 3.0ни 5 дақиқа қувватлаш 4 соатли суҳбатларни амалга оширишга ета олади.  

Компания муҳандислари тезроқ қувватланишни амалга ошириш учун оралиқ занжирлардан фойдаланмай, токни USB Type C портига уланган адаптердан бевосита аккумуляторга олиб ўтишди. Бундан ташқари, Pump Express 3.0  20та ички қурилма ҳимояси тизимига эга. Шунингдек, Pump Express 2.0га таққослаганда энергия йўқотишни 50 фоизга қисқартиришга муваффақ бўлишган. Янги технология смартфонларда 2016 йил ишга тушган MediaTek Helio P20 процессори базасида пайдо бўлади.