Россиянинг Кемерово вилоятидаги Междуреченск шаҳридаги турар жой биносининг подъезди қулаб тушган жойда қидирув-қутқарув ишлари якунланди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

"Қидирув-қутқарув ишлари 12 соат давом этди, бундай ҳажмдаги ишлар учун жуда тезлик билан якунланди. Вилоят ҳукумати ҳам катта ёрдам кўрсатди", деб маълум қилди Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сибир вилояти бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Ирина Бутенко.

Кузбасс ҳуқуқ-тартибот муассасаларидаги манба ҳалок бўлганлар шахслари аниқланганини маълум қилди, улар бир эркак ва аёл бўлган.

31 май куни Междуреченскда 5 қаватли уйнинг подъезди қулаб тушди. Фожиа оқибатида 2 киши ҳалок бўлган, 3 киши жароҳат олган ва шифохонага етказилган. Ушбу нохуш ҳодиса юзасидан қурилиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларининг бузилиши моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди.