Ўзбекистон терма жамоасининг 2 июнь кунига белгиланган ўртоқлик учрашуви икки марта бекор бўлгани футбол мухлисларининг ғазабини жунбишга келтирмоқда. Аламзада футбол мухлислари Ўзбекистон терма жамоасини ўзлари билан ўртоқлик учрашуви ўтказишга чорламоқда.

Бугун фейсбук ижтимоий тармоғидаги гуруҳлардан бирига бир гуруҳ мухлислар номидан пост қўйган фойдаланувчи постида ўз автомобилининг орқа ойнасига Ўзбекистон МТЖга мурожаатини жойлаштиргани кўрсатилган суратни кўриш мумкин. Мурожаатда профессионал футболчилик билан шуғулланмайдиган футбол ишқибозлари ўртоқлик учрашуви учун рақиб топа олмаётган миллий терма жамоани ўзаро учрашув ўтказишга чақирилган. У маҳалла болалари МТЖга қарши 2 киши кам бўлиб ўйнаб, рақибнинг ҳар голига 2тадан жавоб қайтара олишини иддао қилган.

У Ўзбекистонда футболчилик билан шуғулланмайдиган ва терма жамоа футболчиларидан зўрроқ ўйнайдиган йигитлар жуда кўплигини қўшимча қилган.

Ундан агар терма жамоа бу "ярми ҳазил, ярми чин" таклифни қабул қилгудек бўлса, қандай йўл тутилиши сўралганида, воқеаларнинг бундай тадрижига тайёрлиги, маълум кун белгиланса, таркиб тузиб, ўйин ўтказа олишларини айтган.

У бу ташаббуси орқали Ўзбекистон футболида юзага келаётган муаммоларга эътибор қаратиш истагида эканини билдирган.

ФИФА кунлари доирасида 2 июнь кунига аввалига Қирғизистон билан, кейинроқ эса Экватор Гвинеяси термасига қарши ўйинлар ўтказилмайдиган бўлди.

Бу вазият кейинги икки кунда ижтимоий тармоқларда ўзбек сфераси томонидан энг кўп муҳокама қилинаётган мавзу бўлиб турибди.