Наманганда соҳил кураши бўйича Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 800 га яқин спортчи иштирок этди.

Катталар ўртасида Наманган вилояти вакиллари Кумушхон Хўжаева, Мунира Каримова, Муштарий Йўлчиева, Бухоро вилоятидан Миржон Тўхтабоев, Самарқанд вилоятидан Беҳзод Каримов, Навоий вилоятидан Гуллола Норқулова, Хоразм вилоятидан Нодира Жуманиёзова ўз вазн тоифасида чемпионат шоҳсупасининг энг юқори поғонасидан жой олди.

1996-1997 йилларда туғилган ёшлар ва қизлар ўртасидаги баҳсларда наманганлик Мухлиса Абдумаликова, Мафтуна Жўрабоева, самарқандлик Жаҳонгир Норқобилов, Сарвиноз Эсонова, Тошкент шаҳридан Рамазон Турсунбетов, Андижон вилоятидан Замира Тўғонбоева барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медалларга сазовор бўлди. 

Чемпионатнинг энг ёш иштирокчилари – 1998-2000 йилларда туғилган ёшлар беллашувида  наманганлик Маржона Маҳмудова, Маҳлиё Йўлдошева, Озода Жўраева, Қорақалпоғистон Республикасидан Раҳад Манбекбоев, Тошкент шаҳридан Довудхон Кароматов, Сурхондарё вилоятидан Моҳинур Мўминова, Фарғонадан Моҳинур Пирназарова чемпионат шоҳсупасига кўтарилди.

Ғолиблар шу йилнинг июль ойида Вьетнамда бўлиб ўтадиган соҳил кураши бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.