Россия президенти Владимир Путин ва ФИФА раҳбари Жанни Инфантино 2018 йилги жаҳон чемпионати учун кўнгиллилар жалб этиш кампаниясини бошлаб берди. Бу ҳақда «Чемпионат» нашри хабар тарқатган.

Бугун Москва шаҳридаги «Зелёном театре» биносида махсус маросим бўлиб ўтган. Унда Путин ва Инфантинодан ташқари, собиқ футболчилар Карлес Пуйоль ва Ринат Дасаев ҳам иштирок этиб, рамзий тўпга имзоларини қолдиришган. Бу тўп кейинчалик кўнгиллиларга топширилади.

Волонтёрлик дастури доирасида 2017 йили Конфедерация Кубогида 5 мингдан зиёд, 2018 йилги чемпионатга эса 15 минг кишини сафарбар этиш мўлжалланмоқда. Яна 20 мингга яқин фаол ЖЧ—2018 ўтадиган шаҳарлардаги волонтёрлик дастурларида иштирок этади.

Бугундан бошлаб бу икки турнир учун ҳам мурожаатлар қабул қилинади. Тайёргарлик ишлари эса 2017 йил бошида ўтказилади.

Маълумот учун, Россиядаги футбол бўйича жаҳон чемпионати 2018 йилнинг 14 июнидан 15 июлигача ўтказилади.