АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган минглаб суриялик жангчилар мамлакат шимолида ИШИД томонидан эгаллаб олинган ҳудудларни қайтариб олиш учун юриш бошлади. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатган.

Ҳарбий амалиёт 31 май куни бошланган. Унга 1 ҳафта мобайнида тайёргарлик кўринган. Ҳужумдан мақсад ИШИДни Туркия билан чегарадан узиб қўйиш ҳисобланади. Сурия ва Туркия чегараси ИШИД сафига хорижий мамлакатлардан ёлланма жангарилар кириб келадиган ва Суриядан ташқи дунёга олиб чиқадиган нуқта сифатида қаралади.

Ҳужум режаси билан таниш манбалар маълумотига кўра, америкалик ҳарбийларнинг катта бўлмаган гуруҳи сурияликларга қуруқликдаги ҳарбий ҳаракатлар вақтида ёрдам беради.

"Улар жанглар ҳудуди яқинида жойлашади ва амалиётлар муваффақиятли ўтказилишида ҳарбий маслаҳатлар билан кўмак кўрсатади. Лекин улар жангларга кирмайди", дея маълум қилган ўз шахсини сир тутишни сўраган америкалик ҳарбий амалдор.

Ҳарбий ҳаракатларда юқоридан АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалиция самолётлари кўмак беради.

Америкалик ҳарбий амалдорнинг сўзларига кўра, Туркия бу ҳарбий ҳаракатлар Сурия курдлари томонидан эмас, айнан сурияликлар томонидан ўтказилаётганига аниқлик киритишни сўраган. Туркия Сурия курдларини ҳам ўз хавфсизлигига таҳдид солувчи террорчилар деб билади.