«Туркистон» саройида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан концерт намойиш этилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

“Sen yolg'iz emassan” Республика жамоатчилик болалар жамғармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ёш авлодни ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар этиб тарбиялаш, уларга меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиш каби азалий қадриятларимиз ўз ифодасини топди.

Байрам тадбирига пойтахт ва Тошкент вилоятидаги Меҳрибонлик ва Мурувват уйлари, Тошкент шаҳар «SOS – болалар маҳалласи» тарбияланувчилари, алоҳида эътиборга муҳтож болалар таклиф этилди.

Тадбирда болалар фольклор, рақс ансамбллари жамоалари, «Баркамол авлод» ижодиёт марказлари ва Меҳрибонлик уйлари қошидаги тўгаракларнинг иқтидорли ўғил-қизлари куй-қўшиқлар ижро этди. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи кўргазмали чиқишлар барчага манзур бўлди.