2015 йил октябрь ойининг ўрталарида Бурхон Мухторов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳамда ака-ука Бекзод ва Шариф Маҳкамовлар Самарқанд вилоятидан марихуана гиёҳвандлик воситасини олиб келиб, Тошкент шаҳрида қонунга хилоф равишда сотиш тўғрисида ўзаро келишиб олишади. Бу ҳақда “Огоҳ” нашри ёзмоқда.

Жиноий келишувга кўра, Б.Мухторов кўп миқдордаги марихуанани сотадиган шахсни топгач, Б.Маҳкамов билан бирга улардан мазкур гиёҳвандлик воситасини сотиб олинган марихуанани ўзлари вақтинча истиқомат қилиб келаётган Тошкент вилояти Зангиота туманидаги уйига олиб келиб, акаси Шариф билан бирга яшириб қўйишлари лозим эди. Сўнгра Бекзод ва Шарифлар сотиб олинган марихуанани харидор топиб сотишгач, олинган пулларни ўзоро яъни Бурхон, Бекзод ва Шарифлар ўртасида тақсимлаб олишлари керак эди.

Мазкур жиноий режага кўра ҳаракатланган Бурхон ўзининг таниши Нурмат Абдужабборовга марихуана гиёҳвандлик воситасини сотиб олмоқчи эканлигини билдириб, таклиф билан мурожаат қилади. Шундан сўнг, Бурхон ва Бекзодлар 2015 йилнинг 21 октябрь куни Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги Дахбед қўрғонида бўла туриб, у ерда Н.Абдужабборов билан кўришиб, ундан 4000000 сўм эвазига кўп миқдордаги - тахминан 200 грамм марихуана гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш тўғрисида келишишади. Кейин улар Нурматга сотиб олинадиган марихуана учун мазкур пул маблағлари беришади.

Ўз навбатида, Нурмат Очил Раҳимов исмли шахс билан кўришиб, у билан гиёҳвандлик воситаларини сотиш ҳақида жиноий тил бириктириб, унга Бурхон ва Бекзодлардан олган 4000000 сўм пул маблағларини беради.

Орадан бир неча кун ўтиб, яъни октябрь ойининг охирлари, соат 20:30 ларда Очил ва Бурхонлар бир гуруҳ бўлган ҳолда ҳаракат қилишади. Шу мақсадни кўзлаган ҳолда, Очил Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги “Шахоб” канали ёнида муқаддам олган 4000000 сўм пул эвазига Бурхон ва Бекзодга полиэтилен пакетга ўралган кўп миқдордаги 198,71 грамм марихуана гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сотади.

Ўз навбатида, Бекзод, Очил ва Бурҳонлардан сотиб олган марихуанани сотиш мақсадида Самарқанд вилоятидан Тошкент вилоятига олиб келиб, ўзи вақтинча ижарада яшаган Зангиота туманидаги уйига яшириб қўяди.

Бекзод, Бурхон ва Шарифлар билан тузган ўзаро жиноий режага кўра ҳаракат қилиб, 2015 йилнинг 28 октябрь куни шахси номаълум бир кимсага гиёҳвандлик воситасининг бир қисмини, яъни икки дона гугурт  қутиларига солинган 8 грамм  ва қора полиэтилен пакетга ўралган 50 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаларини 2500000 сўм эвазига қонуга хилоф равишда сотиш ҳақида келишишади. 

Шундан сўнг, Бекзод ва Шариф 31 октябрь куни соат 17:00 ларда, бир гуруҳ бўлиб, муқаддам ишлаб чиқилган режага мувофиқ, кўп миқдордаги марихуана гиёҳвандлик воситасини сотиш мақсадида, Тошкент шаҳар Чилонзор тумани 16-мавзесида жойлашган интернет ўйингоҳига боришади. Бу ерда Бекзод ўзоро келишувга кўра, марихуана жиноий шериги бўлмиш акаси Шарифга бериб, сотиб олувчи шахсни кутиб турганларида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида ашёвий далиллар билан ушландилар. Улар ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаларини сотишга қаратилган жиноий мақсадларини охирига етказа олмадилар. 

Суд-кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, Шарифдан ашёвий далил тариқасида олинган моддалар марихуана гиёҳвандлик воситаси бўлиб, уларнинг оғирлиги 46,35 граммни ташкил этиши аниқланди. 

Бундан ташқари, ўша куни соат 20:10ларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида, Бекзод ва Шариф вақтинча яшаб келган Зангиота туманидаги уйлари холислар иштирокида кўздан кечирилганда, у ердан 6 дона гугурт қутиларига солинган ва 4 дона полиэтилен пакетларга жойлаштирилган моддалар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилди. 

Суд-кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, ушбу моддалар марихуана гиёҳвандлик воситаси бўлиб,  уларнинг оғирлиги 152, 36 граммни ташкил этиши аниқланди.

Б.Мухторов, ака-ука Маҳкамовлар, Н.Абдужабборов ва О.Раҳимовларга ҳам жиноятларига яраша суд ҳукмига кўра узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.