Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик Катта театрида “Ёшлик баҳори” ёш опера ижрочилари республика кўрик-фестивали ғолибларини тақдирлаш маросими ва улар иштирокида гала-концерт бўлиб ўтди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.    

Бу йилги фестивалда 18 ёшдан 32 ёшгача бўлган, опера санъати йўналишида таҳсил олаётган ёки ижодий жамоаларда фаолият кўрсатаётган 44 нафар истеъдод соҳиби қатнашди. Улар тақдим этган асарлар ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилди. Ёш хонандаларнинг ўзбек ва жаҳон композиторлари асарларини маромига етказиб ижро этиши, овоз имкониятлари, ижро техникаси ва маҳоратига алоҳида эътибор қаратилди.  

  Рустам Алимардонов (тенор) биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Ширин Маматовага (сопрано) насиб этди. Хўжаназар Жумаев (тенор) учинчи ўринга лойиқ топилди. 

Кўрик-фестиваль ғолиб ва совриндорлари ижросида жаҳон ва ўзбек композиторларининг асарларидан иборат концерт намойиш этилди.