Ўзбекистон республикаси интеллектуал мулк агентлиги мамлакатда ихтирочилик ва илмий-техникавий ижодиётни рағбатлантириш, инновацион фаолиятни ривожлантириш, янги техника, технология ва рақобатбардош маҳсулотлар яратишга кўмаклашиш, илғор технологияларни татбиқ этиш, ихтирочилик фаолиятини фаоллаштириш, қўллаб-қувватлаш, энг яхши интеллектуал мулк объектини аниқлаш ва ҳуқуқ эгаларини мукофотлаш мақсадида ихтиро, фойдали модел, саноат намунаси, дастурий маҳсулотлар йўналишлари бўйича йиллик танлов ўтказилишини эълон қилди.

Танлов жорий йилнинг 30 майидан 15 ноябрига қадар 3 босқичда ўтказилади:
1-босқич - жорий йилнинг 30 майдан 1 ноябрига қадар талабномалар қабул қилиш;
2-босқич - жорий йилнинг 14 ноябрига қадар Ташкилий қўмита ва Танлов комиссиялари томонидан танлов якунлари бўйича қарор қабул қилиш;
3-босқич - 2016 йилнинг ноябрь ойининг охирида танлов ғолибларини мукофотлаш бўйича тадбир маросимини ўтказиш.

Танловда қуйидаги номинациялар бўйича иштирок этиш мумкин:
-    энг яхши ихтиро;
-    энг яхши фойдали модел;
-    энг яхши саноат намунаси;
-    энг яхши дастурий маҳсулот.

Танловга охирги 3 йил ичида Ўзбекистон Республикаси патентини олган интеллектуал мулк объектлари ҳамда миллий ишлаб чиқарувчилар томонидан яратилган дастурий маҳсулотлар қабул қилинади.

Аввал бўлиб ўтган танловларда совринли ўринларни эгаллаган талабномалар ушбу танловда иштирок этмайди.

Танлов иштирокчилари қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари лозим:
-    Низомнинг 1-иловасидаги шаклга мувофиқ танловда иштирок этиш учун ариза; 
-    муҳофаза ҳужжати (лари) нусхаси; 
-    объектнинг (ларнинг) тавсифи нусхаси;
-    объектдан фойдаланиш далолатномаси ёки объектни фойдаланишга тайёрлиги тўғрисидаги бошқа ҳужжат (тажриба ёки саноат синови далолатномаси, лицензия шартномаси, татбиқ қилиш далолатномаси ва ш.к.).

Танловда барча номинациялар бўйича совринли 1-3 ўринларни эгаллаган танлов ғолиблари пул мукофотлари билан тақдирланадилар ҳамда уларга танлов ташкилотчиларидан эсдалик совғалари топширилади.

Танлов якунлари, танлов ғолибларини тақдирлаш маросими тўғрисидаги маълумотлар Агентликнинг расмий веб-сайти (www.ima.uz) да эълон қилинади.
Танловга талабномалар иш кунлари соат 9.00 дан 17.00 га қадар қуйидаги манзилда қабул қилинади: Интеллектуал мулк агентлиги (5 қават), 100000, Тошкент ш., Мустақиллик шоҳ кўчаси, 59, "Энг яхши интеллектуал мулк объекти учун йиллик танловига" деб кўрсатилган ҳолда.
Маълумот учун телефонлар: 232-50-50, 232-50-40.