Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Баҳром Ашрафхонов Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланиб ўтказилган 21-хайрия турнирида иштирок этиб, "энг яхши гольф ўйновчи элчи" сифатида тан олинди. Бу ҳақда "Интерфакс" агентлиги хабар тарқатган.

Дипломатик корпус учун хизмат бош бошқармасининг Москва шаҳри яқинида жойлашган филиали майдонида ўтказилган турнирда хайрия маблағлари йиғилган. Кейинги 20 йил давомида бундай спорт маросимлари орқали 80 миллион рублдан ортиқ хайрия маблағи болалар учун йўналтирилган. Шунингдек, турнир гольф спортини оммалаштиришга хизмат қилади.

Россия олимпия қўмитаси президенти Александр Жуков ва Россия гольф ассоциацияси раҳбари Борис Христенко йиғилганларга ўз нутқлари билан мурожаат қилишган.

Жорий йилда дипломатик корпус номидан Австралия, Вьетнам, Малайзия, Кот-Д-Ивуар, Лаос элчихоналари дипломатлари қатнашди.

Баҳром Ашрафхонов Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси этиб тайинлангани 2016 йил февралида маълум бўлган эди. У бунгача Молия вазири ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги бошлиғи лавозимида ишлаган.