Финляндиянинг сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи Valio компанияси мамлакат жанубида жойлашган Тампер шаҳридаги заводини 2014 йилда киритилган Россия санкциялари сабаб ёпадиган ҳамда 50 нафар ходимини ишдан бўшатадиган бўлди.

Маълум қилинишича, сўнгги икки йил ичида сут маҳсулотлари сотуви ҳамда уларнинг экспорти кескин тушиб кетган. Бир йил олдин ҳам завод ўзининг 70 нафар ходимини ишдан бўшатган ҳамда сут маҳсулотлари ишлаб чиқаришни камайтирган эди. Компания махсус сут ва хонаки пишлоқ ишлаб чиқараётган эди, аммо бугунга келиб у фаолиятини бутунлай тўхтатадиган бўлди.

2015 йилнинг июнь ойида Valio 300 нафардан зиёд ходимини бўшатганини маълум қилган эди. Умумий миқдорда компания ходимлари 3500 кишини ташкил этади.