Андижон шаҳрининг Бўстон даҳасида жойлашган вилоят БЎФМда Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан мусобақа ташкил этилди. Мусобақада муассасада тарбияланаётган 2005-2006 йилларда туғилган ёш футболчилардан иборат 12та  жамоа иштирок этди. 

Футбол мактаби “Андижон ПФК” қошида ташкил этилганлиги боис, учрашувларни клуб мутасадди ва футболчилари ҳам кузатиб борди. 

Баҳслар давомида тарбияланувчилар ичида кўплаб иқтидорлар кашф қилинди. Мусобақанинг энг зўр ўйинчилари деб Шоҳжаҳон Ёрқинбоев ва Муҳаммадқодир Рустамов топилди ва уларнинг ҳаракатлари мутахассисларда жуда илиқ таассурот қолдирди.

Финал ўйинида Муҳаммадрасул Тўҳтасинов ва Муҳаммаджон Юсупов мураббийлигида шуғулланувчи икки жамоа тўқнашиб, биринчи мураббий шогирдлари 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

Тантанали тадбирда иштирокчиларни “Андижон ПФК” раҳбари Маъруфжон Абдусаломов, вилоят “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти мутасаддиси Ўткирбек Тошпўлатов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Искандар Галиулин ва муассаса директори Бекзодбек Каримов байрам билан табриклаб, мусобақа ғолиб ва совриндорларига фаҳрий ёрлиқ ва эсталик совғалари топширдилар. Таниқли футболчимиз Вагиз Галиулиннинг отаси фаҳрий мураббий Искандар Галилулин мусобақанинг энг яхши ҳужумчисига фарзандининг шахсий совғасини топширди. “Андижон” клуби футболчилари Даврон Турсунов Иброҳим Отахонов ва Фарҳод Бекмуратов бошқа номинацияларда ўзини кўрсатган ўйинчиларга совғалар улашишди.   

"Байрам муносабати билан ташкил этилган мусобақада кўплаб иқтидорлар вояга етаётганига гувоҳ бўлдик. Болажонларнинг “Андижон” клубида тўп сурувчи маҳоратли футболчилар билан учрашиб, улардан совға олишлари ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди", - дейди БЎФМ директори Бекзодбек Каримов.


Элмурод Эрматов, Андижон