«Барселона» жамоаси спорт директори Роберт Фернандес яқин вақт ичида Дани Алвес жамоани тарк этиши ҳақида расман маълум қилди. У шунингдек, турли жамоалардан қизиқишлар мавжудлигига қарамасдан Неймар ва Ҳавьер Маскерано жамоада қолишини маълум қилди.

«Дани Алвес „Барселона“дан кетишга қарор қилди. Бу унинг шахсий қарори ва биз буни ҳурмат қиламиз. Неймар бизнинг жамоамизда ўйнашда давом этади. У узоқ вақт давомида жамоада қолади. Мен Маскеранонинг қолишига ҳам шубҳа қилмайман. У жамоанинг муҳим футболчиларидан бири. Денис Суаресми? «Вильярреал»га биз уни ортга қайтаришга қарор қилганимиз ҳақида маълум этганмиз. Бизда юқори савияли икки даврозабон, Браво ва тер Штеген бор. Уларнинг иккиси ҳам жамоада қолади ва бундан жуда хурсандман», — дея Фернандеснинг сўзларини келтиради «Барселона» жамоаси матбуот хизмати.

Алвесни ўз сафига қўшиб олиш учун асосий даъвогар «Ювентус» ҳисобланади. 33 ёшли футболчи туринликлар жамоасига эркин агент мақомида ўтиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, бразилиялик футболчига «ПСЖ» ва «Манчестер Юнайтед» томонидан ҳам қизиқиш мавжуд.

Алвес «Барселона»га «Севилья»дан 2008 йили ўтганди. У ўтган вақт ичида жамоа билан 3 марта ЕЧЛ ғолиби бўлди, 6 марта Испания чемпионига айланди, 4 мартадан мамлакат Кубоги ва Суперкубогини олди ҳамда 3 марта клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди.

Жорий мавсумда у каталонияликлар жамоаси сафида 48 учрашув ўтказиб, 1 гол урди ва 8та голли пас муаллифи бўлди.