Бельгиянинг East West Invest компанияси «Капиталбанк» акционерлик тижорат банкининг акциялар пакетини харид қилади. 

Банк акционерлари, хорижий инвестор билан «Капиталбанк» қўшимча акцияларини жойлаштириш бўйича инвестицион меморандум имзолаш шарти ва тартибини тасдиқлашган. 

«Капиталбанк» АТБ акциялари, Республика Президентининг  2015 йил 21 декабрдаги «Акционерлик жамиятларига хорижий инвесторларни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида савдога чиқарилади. Ҳужжатга мувофиқ, акционерлик жамиятлари низомидаги хорижий инвесторлар улуши камида 15 фоизни ташкил этиши керак. 

Шундай қилиб, акционерлар қарорига кўра, банк низом жамғармасини конвертирланадиган имтиёзли акцияларни чиқариш билан кўпайтиради. Мазкур эмиссия доирасида, ҳар бири 950 сўмлик 15,179 млн дона имтиёзли акция чиқарилади. Унинг умумий қиймати 14,42 млрд сўмдан ошади. East West Invest компанияси эса, ушбу қимматбаҳо қоғозларнинг барчасини харид қилади. 

«Капиталбанк» АТБ сайтида эълон қилинган банк низомига кўра, молия муассасасининг низом жамғармаси 81,7 млрд сўмни ташкил этади. Бу ҳар бири 950 сўмлик 86 млн дона оддий акциялар деганидир.