Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Германия парламенти томонидан арманлар геноциди тан олинганига муносабатини билдириб ўтди. У бу воқеа Туркия ва Германия ўртасидаги муносабатларга жиддий дарз етказиши тайин экани ҳақида гапирган.

"Бу қарор Анқара ва Берлин муносабатларига жиддий таъсир кўрсатади. Бизнинг биринчи қадамимиз, Берлиндаги элчини маслаҳатлашув учун чақириб олиш бўлди. У билан маслаҳатлашилгач, вазиятни баҳолаймиз", деган у.

Шунингдек, Туркиядаги Германия элчиси вазият юзасидан тушунтириш учун Туркия ТИВга чақирилган.

Бугун бундестаг Усмонлилар империяси даврида қарийб 2 миллион арманнинг ўлдириб юборилганини тан олишни билдирадиган "1915–1916 йилларда Усмонли салтанатида арманилар ва бошқа христиан камчиликларнинг геноциди хотирасига" номли резолюцияни қабул қилди. Бундестагнинг 630 нафар депутатидан фақат бири бу резолюцияга қарши овоз берган.

Арманистон томони ва кўпгина тарихчилар 1915 йилда 2 миллионга яқин арман Усмонлилар империяси томонидан ўлдириб юборилганини айтишади.

Туркия 1915 йилда юз берган ҳодисаларни Усмонли султонлигининг арманларни йўқ қилишга қаратилган сиёсати эмас, балки уруш оқибати деб билади ва геноцид фактини рад этади.