Эрон ўз зиммасига нефть қазиб олиш ҳажмининг ўсишини тўхтатиш бўйича мажбуриятларни олмайди, деб хабар бермоқда Эроннинг ОПЕКдаги вакили Мехди Асалийга иқтибос келтирган ҳолда IRNA ахборот агентлиги.

Асалий шу билан бирга Эрон ОПЕКнинг бозорда адолатли ва мантиқан тўғри нарх ўрнатиш қарорини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб ўтди.

Унинг айтишича, 2 июнда ОПЕК йиғилишининг кун тартибига нефть бозоридаги вазиятни шарҳлаш, нефть қазиб олиш даражаси ҳақидаги қарорнинг қабул қилиниши, ташкилотнинг янги бош котибини танлаш масалалари киритилган.

Асалий Эроннинг сессиядаги позицияси етарлича аниқ бўлишини айтди: ОПЕК аъзолари Эроннинг бир неча йиллик санкциялардан кейинги ҳолати ва унинг нефть қазиб олиш ҳажмини санкцияларгача бўлган даражагача тиклашга уринишларини тўғри тушунишлари лозим.

Аввалроқ Эрон август бошига нефть қазиб олиш ҳажмини санкцияларгача бўлган даражагача, яъни кунига 2,2 млн баррелга етказишни режалаштираётгани маълум қилинганди. Айни вақтда мамлакат кунига 2 млн баррел нефть ва газконденсат экспорт қилмоқда. Шу билан бирга, Халқаро энергетик агентлик маълумотларига кўра, Эрон санкциялар киритилгунча кунига 3,5-3,7 млн баррел нефть олган.

Бундан аввалроқ Россия энергетика вазири Александр Новак нефть қазиб олиш ҳажмини музлатиш ғояси ўзининг долзарблигини йўқотганини айтганди.