52 ёшли Хитой мафияси раҳбари Ченг Юз, ўзининг озодликдан чиқишини шунчалик дабдабали нишонладики, полиция уни яна қамоққа олишга мажбур бўлди, деб ёзмоқда South China Morning Post газетаси. 

Юзни қимор ўйинларини ноқонуний ташкил этганлиги учун, Хитойнинг шимолий Шаньси провинциясидаги қамоқда 7 йил ўтириб, ахлоқ тузатиш идорасини тарк этган куни 100дан ортиқ киши кутиб олган. Улар олтита Hummer, 20та Range Rover ва 30та «мерседес»да келишган эди. 

Юзнинг дўстлари, унинг шарафига ҳамда омадсизлик келтирувчи "ёвуз кучлар"ни қувиш мақсадида шу ернинг ўзида фейерверк уюштириб юборишган. 

Шундан сўнг, делегация аъзолари яқин орадаги беш юлдузли меҳмонхона тантаналар залига тўпланишган. Бу ерда уларни, янада кўпроқ киши кутиб туришган эди. 

Буларнинг барчасини кузатиб борган ҳуқуқ посбонлари, ОАВ хабарига кўра, хитойликнинг "ўз жиноий алоқалари билан олифталик қилиши"ни кечира олишмаган. Уч кун ўтгач, Ченг байрам вақтида "жамоат тартибини бузиш" айблови билан ушланган. Бу эса, унинг фаолиятини қайта текшириш имконини беради. 

Айтиш жоизки, Юз учун бу биринчи қамоқда ўтириши эмас, аммо у ҳар доим узоқ муддатли қамоқдан кейин ҳам, ўз таъсирини тезда тиклаб ола билган. Ҳатто, бошқа мафия раҳбарлари, бизнесини қайта тиклаб олиши учун катта миқдорда қарз ҳам бериб туришган.