ФИФА президенти Жанни Инфантино, ташкилот бош котибининг биринчи ўринбосари, хорватиялик собиқ футболчи Звонимир Бобан, "Барселона"нинг собиқ футболчиси Карлес Пуйоль ҳамда Россия Спорт вазири Виталий Мутко кабилардан иборат жамоа россиялик артистлардан тузилган ва Россия бош вазири ўринбосари Аркадий Дворкович бош бўлган жамоага қарши ўртоқлик учрашуви ўтказди.

ФИФА кўнгиллилари жамоаси сафида "Россия-2018" ташкилий қўмитаси бош директори Алексей Сорокин ҳамда Россия терма жамоасининг собиқ ҳимоячиси Алексей Смертин ҳам бор бўлиб, "Старко" деб номланган артистлар жамоасига қарши учрашувда 0:0 ҳисоби қайд этилган.

"Старко" жамоаси таркибида Юрий Давидов, Илья Авербух, Виктор Зинчук, Эдгар Запашний, Сергей Шавло, Николай Гуляев, Эктор Бракамонте ва бошқа юлдузлар ҳаракат қилишган.

Учрашув Москва шаҳридаги "Спартаковец" жамоасининг Николай Старостин номидаги ўйингоҳида ўтказилган.