Латвияда 18 ёшгача бўлганларга энергетик ичимликларни сотишни тақиқлашни кўзда тутувчи энергетик ичимликлар обороти ҳақидаги қонунга киритилган ўзгартиришлар кучга кирди, деб хабар бермоқда Латвия соғлиқни сақлаш вазирлиги.  

Энергетик ичимликлар сотувчилари эндиликда ёшлардан уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилишлари лозим бўлади.

"Дўконларда энергетик ичимликларни бошқа озик-овқат маҳсулотларидан алоҳида ажратиш ва уларнинг ёнида улар таркибида катта миқдорда кофеин моддаси борлиги ҳақидаги кўрсатмани жойлаштириш режалаштирилмоқда", деб маълум қилинди вазирликда.   

Қонунга киритилган ўзгартиришлар энергетик ичимликлар рекламасига чеклов ҳамда рекламага энергетик ичимликларни ҳаддан кўп истеъмол қилиш соғлиққа зарар етказиши ҳақидаги огоҳлантиришни киритишни ҳам кўзда тутади. 

Аввалроқ ўзгартиришлар муаллифлари таъкидлаганидек, энергетик ичимликларнинг оборотида асосий  муаммо уларнинг ҳаддан зиёд кўп, шу билан бирга спиртли ичимликлар билан бирга истеъмол қилиниши ҳисобланади.