"Барселона" ҳужумчиси Лионель Месси Испания судида солиқдан қочиш борасидаги турли ишлардан бехабар бўлганини айтиб ўтди.

Испания ҳукуматига 4,1 миллион евро миқдоридаги солиқни тўламаганликда айбланаётган Месси ва унинг отаси Хорхе Месси устидан суд иши айни вақтда давом этмоқда.

"Мен шунчаки футбол ўйнаганман ва бошқасини билмаганман", деган у.

Судга қора костюм ва галстукда ташриф буюрган Мессининг чиқиши 15 дақиқа давом этган.

"Шартномаларни эса отамга ва ҳуқуқшуносларга ишонганим учун имзолаганман. Биз бундай ишлар билан улар машғул бўлишига келишиб олганмиз.

Мен ижижим борасидаги ҳуқуқ билан шуғулланувчи компания борлигини билмаганман. Мен ҳеч қачон отамдан бундай нарсаларни сўрамаганман. Отамга ишонганим ва ҳуқуқшунослар шундай қилиш лозимлигини айтишгани туфайли ҳам шартномаларни имзолаганман", - дейди Месси.

31 май куни бошланган суд 3 кун давом этиши белгиланган.

Солиқ испекцияси Испания судидан ота ва болага катта миқдордаги жарима қўллашни ва уларни озодликдан маҳрум этишни сўраган.

Суд ҳукми кейинги ҳафтагача эълон қилиниши керак.

Суд жараёни туфайли Месси Аргентина терма жамоаси сафида Америка Кубогига тайёрланиш босқичининг бир қисмини ўтказиб юборди. Америка Кубоги АҚШда 3 июнь куни бошланади, Аргентина термасининг турнирдаги илк ўйини 6 июнга белгиланган.

Лионель ва унинг отаси футболчининг 2007 йилдан 2009 йилгача бўлган даврдаги реклама даромадларидан солиқ тўламаслик учун Белиз ва Уругвайда бир қатор сохта компаниялар яратишда айбланмоқда.

Месси футболчилик фаолиятидан оладиган даромаддан ташқари, Banco Sabadell, Danone, Adidas, Pepsico, Procter & Gamble ва Kuwait Food Company компанияларининг маҳсулотини реклама қилгани учун олган фойдасини яширишда гумон қилинган.

Мессининг адвокатлари ҳам у ҳеч қачон шартномалар матнини ўқишга 1 дақиқадан ортиқ вақт сарфламаганини билдиришган.

2013 йилнинг августида Месси солиқ инспекциясига кўнгилли равишда шикоятда кўрсатилган миқдорга фоизларни қўшиб, жами 5 млн евро тўлаганди.