Эркак теннисчилар орасида дунёнинг биринчи ракеткаси, сербиялик теннисчи Новак Жокович Францияда бўлиб ўтаётган "Ролан Гаррос" теннис мусобақасининг 4-даврасида испаниялик Роберто Баутиста-Агутани 3:6, 6:4, 6:1, 7:5 ҳисобида мағлуб этиб, 100 млн доллардан кўпроқ мукофот пули ишлаб топган дунёдаги биринчи теннисчи бўлди, деб хабар бермоқда Sports.ru портали.

Жокович мусобақанинг чоракфиналига 10 маротаба, "Катта дубулға" мусобақаларининг чоракфиналларига эса 36 маротаба чиқди.

"Ролан Гаррос" бошланишидан аввал Жоковичнинг ҳисобида 99 млн 673 минг 404 доллар мукофоти пули бор эди. Новак Баутистани ютиб ўзига 328 минг доллар мукофот пулини таъминлаб қўйди. Яъни теннисчи чоракфиналда ютқазгудек бўлса ҳам, унинг бутун фаолияти давомида ишлаб топган мукофот пуллари 100 млн доллардан ошади.

Жокович "Катта дубулға" сериясига кирувчи мусобақаларнинг 11 карра ғолиби ҳисобланади. У Австралия очиқ чемпионатини 6 марта, Уимблдонни 3 марта, АҚШ очиқ чемпионатини 2 марта ютган. Бироқ Жокович Парижда ўтаётган мусобақада ҳали бирор марта муваффақият қозона олмаган.