EgyptAir авиакомпанияси ҳаво лайнерининг Ўрта ер денгизида ҳалокатга учрашидан бир кун аввал, унинг тизимида камида 3та носозлик қайд этилган, деб хабар қилмоқда Le Parisien газетаси.

Хабарларга кўра, носозлик тўғрисидаги шубҳали сигналлар, техник параметрларни кузатиш тизими АCARS томонидан берилган. Бу сигналлар Эритрея пойтахти Асмэра, Тунис шаҳри ҳамда Миср пойтахти Қоҳирадан учиш вақтида қайд этилган. 

Бироқ, мутахассислар ҳеч қандай шубҳали нарсани аниқлашолмаган. Экипаж аъзолари, лайнер тизимлари ишлашига оид хавотирларини билдирмаган, шу боис самолёт ўз рейсларини давом эттирган. 

Сўнгги сутка давомида аэробус ўрта масофада олтита парвозни амалга оширган. У сўнгги тураргоҳи Парижнинг Шарль-де-Голль аэропортида 1 соат етти дақиқа тургач, 18 май куни кеч тунда Қоҳирага парвозни бошлаган. 

Airbus А320 лайнери 19 май эрта тонгда радар экранларидан ғойиб бўлган эди. Унинг бортидаги 66 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Самолёт қолдиқлари, Грециянинг Карпатос оролларига яқин денгиз сувларида аниқланган.