Покистонда 18 ёшли мактаб ўқитувчиси турмуш қуриш таклифига рад жавоби бергани учун ёқиб юборилгач, 1 июнь куни олинган жароҳатлар туфайли ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Покистон полицияси хабар қилмоқда. 

"Жиноятчилар Мария Аббосийни ваҳшийларча дўппослаб, сўнгра унга бензин қуйишган ва ёқиб юборишган", деб ҳикоя қилган оила аъзоларидан бири CNN телеканалига.

"Maрия оила аъзолари яқин орадаги туманга жанозага кетгани сабаб, уйида 5 ёшли синглисига қараб қолган", - деган унинг амакиси Рафақат Аббосий. 

Жаноза вақтида қизнинг оила аъзолари воқеадан хабардор этилган. Улар эса газ қувури портлагани ёки шунга ўхшаш ҳодиса юз берганидан гумон қилишганди.

Мариянинг оиласи душанба кечаси уйларига етиб келганда даҳшатли воқеанинг гувоҳи бўлишган. 

"Maрия полда танасининг 85 фоизи куйган ҳолда ётар эди", деган унинг амакиси. 

Mуррей аҳоли пункти полиция маҳкамаси инспектори Соҳайл Аббосийнинг айтишича, воқеадан бироз аввал Мариянинг уйига 4 нафар эркак киши келгани аниқланган.  

Ёш жабрдийда аёл уйидан 50 км узоқликдаги Исломобод шаҳрида жойлашган Покистон тиббий фанлар институтига олиб келинган. Шу ерда унинг жони узилган. 

1 июнь куни 3 нафар гумондор қўлга олинган, тўртинчи киши эса қидирилаётгани хабар қилинмоқда. 

Айтиш жоизки, Покистон Инсон ҳуқуқлари комиссияси маълумотларига кўра, мамлакатда аёлларга нисбатан турли хил ваҳшиёна зўравонликлар кўплаб содир этилади. 

2015 йилда полиция идоралари расман аёлларни ёқиб юбориш билан боғлиқ 76та жиноят бўйича тергов ишларини олиб борган.