Ист-Кливленд шаҳри суди қарорига кўра, полиция ходимлари томонидан аёвсиз дўппосланган Оҳайо штати фуқароси, афроамерикалик Арнольд Блэк 22 млн миқдорида товон пули оладиган бўлди, деб хабар қилмоқда Fox News телеканали. 

Воқеа Американинг Оҳайо штатида содир бўлганди. Ўшанда, 48-ёшли қоратанли фуқаро 2012 йилда полициячилар томонидан аёвсиз калтакланган эди. Блэкнинг сўзларига кўра, полициянинг икки нафар ходими унинг автомобилини тўхтатиб, Блэк гиёҳванд моддаларни ташишда гумон қилинаётганини айтишган ва қўлига кишан тақишган. Кейинроқ, ҳуқуқ посбонларидан бири маст ҳолда уни ура бошлаган. Шундан сўнг, полиция бўлинмасига олиб борилган ва 4 кун мобайнида овқатсиз ва сувсиз ҳибсда сақланган. 

Ёнидан гиёҳванд модда топилмаган Блэк ҳибсдан чиққач, товон пули талаб қилиб, Ист-Кливленд шаҳар маъмурияти устидан судга мурожаат қилган. Жабрланувчи адвокатларининг сўзларига кўра, эркак киши ёвсиз калтаклангандан сўнг, қисман хотирасини йўқотишдан азият чека бошлаган ва бош миясида жарроҳлик амалиётини ҳам ўтказган. 

Ҳакамлар суди Арнольд Блэк ёнини олган ва унга товон пули тўлаш тўғрисида қарор чиқарган. Шаҳар маъмурияти ўз навбатида, юқори суд инстанциясига арз қилишини билдирмоқда. Арнольдни урган икки полициячи эса, айни вақтда Ист- Кливленд ҳуқуқ-тартибот идорасида ишламайди, деб хабар қилади телеканал.