Мутахассислар А.С.Пушкин Умумроссия музейидаги экспонат – шоир вафот этган диваннинг ҳақиқийлигини тасдиқлашди. "Интерфакс" ахборот агентлигининг хабар беришича, бу ҳақда музей директори Сергей Некрасов маълум қилди.

"Кечагина биз экспертиза ўтказган Юрий Александрович Молиний билан хайрлашдик. Аввал дивандан қон намунасини олиш керак эди, фақатгина 27-уринишдан кейин уни олишга муваффақ бўлинди", деб айтди Некрасов.

Унинг айтишича, таққослаш учун Пушкин қони керак эди, бу қон шоир дуэлда отишган нимчада қолган эди.

"Олиб борилган ишнинг фавқулодда муҳим эканлиги сабабли, биз бу жилетдан қонга бурканган бир тола ипни олишга рухсат бердик", деб тушунтирди музей директори.

Директор намуналар мос келгани ва диванда ҳақиқатан ҳам Пушкин қони қолгани исботланганини айтди. Некрасов бу "аввал оғзаки маълум бўлган ҳолатнинг" жиддий тасдиғи эканлигини айтди.

"Бу диван Пушкин вафот этган диван, энди бунга юқори малакали мутахассиснинг ҳужжатлаштирилган аниқ тиббий тасдиғи мавжуд", деб қўшимча қилди музей директори. 

Шоирнинг таваллуд куни – 6 июнь Умумроссия Пушкин куни сифатида нишонланади. 

Улуғ рус шоири Александр Сергеевич Пушкин 1799 йил 6 июнда Москвада туғилиб, 1837 йил Санкт-Петербургда Дантес билан дуэлда ярадор бўлиб, 3 кун ўтиб вафот этган.