Россияликлар АҚШ, Украина ва Туркияни давлатнинг энг асосий душманлари деб ҳисоблашади. Бу ҳақда «Левада-центр» маълумотларига асосланиб, «Коммерсантъ» хабар тарқатди.

Аниқлик киритилишича, Россия фуқароларининг аксарияти (72 фоиз) АҚШга душманона кайфиятда. Бу борада иккинчи ўринда Украина (48 фоиз) қайд этилган. Бу кузатувлар тарихидаги энг юқори кўрсаткич (2015 йилда 37 фоиз).

Сўровнома натижалари 39 фоиз киши Туркияни Россиянинг душмани деб билишини кўрсатган. 1 йил олдин, Су-24 самолёти уриб туширилишидан муқаддам ўтказилган сўровномага кўра, Туркияни душман давлат деб билувчилар 1 фоиз эди.

Фуқаролар Россиянинг асосий дўстлари сифатида Беларусь (50 фоиз), Қозоғистон (39 фоиз) ва Хитой (34 фоиз) каби мамлакатларни келтиришган. Хитойга қараш ўзгарган, ўтган йилги сўровномада бу кўрсаткич 43 фоиз эди.

Бундан ташқари, россияликларнинг 10 фоизи Сурияни дўст деб билади, ўтган йили бундайлар миқдори 2 фоиз эди.