Япониядаги Suzuki Motor автоконцерни мамлакатдаги 3та заводида автомобиль йиғиш ишларини тўхтатишга мажбур бўлди. Бунга  тормоз тизими учун керакли деталлар ишлаб чиқарувчи заводда юз берган портлаш сабаб ҳисобланади.

Suzuki заводларида автомобиль йиғиш ишлари 3 кунга тўхтатилган. Бу заводлар Хонсю оролининг марказидаги Судзуока префектурасида жойлашган.

30 май куни Toyota гуруҳига қарашли тормоз тизими учун керакли деталлар ишлаб чиқарувчи Aisin Seiki Co.Ltd, корхонасида кучли портлаш юз берган эди. Портлашда 4 киши жабрланган ва ушбу завод ўз фаолиятини бир неча кунга тўхтатишга мажбур бўлган. Портлаш сабаблари аниқ айтилмаган.

Бундан олдинроқ, шу сабаб туфайли Toyota Motor 9та заводидаги 14 та конвейери фаолиятини тўхтатгани ҳақида хабар қилинганди.

Toyota заводлари ўзининг машҳур “канбан” (аниқ вақтида) тизимида ишлайди, яъни керакли деталлар конвейерга айнан машинага ўрнатиш вақтида еткизиб берилади. Завод омборхоналарида эҳтиёт қисмлар захиралари сақланмайди.