Шуманай туман прокуратураси томонидан туман ҳокимлиги ҳамда назорат органларининг тадбиркорликка доир ҳуқуқий ҳужжатларини ўрганиш жараёнида қонунга зид бўлган баъзи ҳолатлар аниқланди. Хусусан, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари С.Турсинов тадбиркорлик талабларига зид равишда туман ҳудудида фаолият олиб бораётган “А.Карамаддинова” масъулияти чекланган жамиятини, “Б.Маҳмудов”, “К.Юсупов”, “Т.Бауенов”, “Ийшан қалъа”, “Шаҳноза” ва бошқа бир қатор фермер хўжаликларини   туман ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ҳисобидаги ёлғиз қарияларга ҳомий этиб тайинланган ва уларга турли вазифалар юкланган. Мазкур ҳолат юзасидан С.Турсиновга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, суд томонидан жазо муқаррарлиги таъминланди.

Фуқаро А.Абдикаиров туман прокуратурасига мурожаат қилиб, уй-рўзғор анжомлари савдоси билан шуғулланиб юрганида туман ДСИ ходимлари унга тегишли бўлган маҳсулотларни ашёвий далил сифатида олиб қўйишгани учун уларни қайтариб олишда амалий ёрдам сўраган. Аниқланишича, А.Абдикаировга тегишли жами 1 млн.978 мнг сўмлик маҳсулотлар унинг тегишли тартибда рўйҳатда ўтмасдан савдо фаолиятини амалга ошириб юрганлиги боис олиб қўйилган.

МЖтК талабларидан келиб чиққан ҳолда фуқаро А.Абдикаировнинг туман ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона дарча” маркази томонидан якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилиши таъминланди ва у суд томонидан молиявий жаримадан озод қилинди. Туман ДСИ томонидан ашёвий далил сифатида олиб қўйилган маҳсулотлар эгасига қайтарилди.

Тумандаги “О.Коккозов” ОФЙда яшовчи фуқаро А.Ореева эса коллежни 2015 йилда тамомлаб, якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган, аралаш моллар савдоси билан шуғулланиш учун 9 фоизли кредит олишга банкка ҳужжат топширган, бироқ банк бошқарувчиси ҳужжатларда камчиликлар мавжудлиги боис, унга сўралган фоизли маблағни эмас, балки 12 фоизли кредит ажратмоқчи бўлган. Бундан А.Ореева норози бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасининг “Ишонч телефони” га мурожаат қилган. Мазкур ҳолат юзасидан Шуманай туман прокуратураси текшириш ишлари олиб борди. Якка тартибдаги тадбиркорга 6 млн. 500 минг сўм миқдорида кредит ажратилиши таъминланиб, мурожаат тўлиқ қаноатлантирилди.