Молиявий муаммолари туфайли Биринчи лигадан четлатилган Тошкентнинг «Оқтепа» клуби сафида Роберто Баджо тўп сурмоқда. 

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида таваллуд топган Роберто Баджо Номозов «Оқтепа»нинг Тошкент шаҳар 2-лигасидаги жамоаси аъзоси ҳисобланади. У 1995 йилнинг 14 апрель санасида таваллуд топган.

Daryo.uz нашрининг тахмин қилишича, футболчининг отаси Турдимурод ака 1994 йилги ЖЧдан кейин ўз фарзандига италиялик машҳур футболчи Роберто Баджонинг исмини беришга қарор қилган. Ўзбекистонлик Роберто Баджо италиялик Роберто Баджонинг машҳур пенальти зарбасидан 3 куни кам 9 ойдан кейин дунёга келган.

1994 йилги ЖЧнинг  Бразилия терма жамоасига қарши финал ўйинида Роберто Баджо ўйиндан кейинги пенальтилар сериясидаги сўнгги зарбани дарвоза тўсини устидан ошириб тепганди.

Шу финалдан қарийб 9 ой ўтиб, Қашқадарёнинг Шаҳрисабз туманида ўзбекистонлик Роберто Баджо дунёга келган.

Эслатиб ўтамиз, 1 июнь куни ПФЛ расмий сайти «Оқтепа» клубининг молиявий муаммолар сабаб Ўзбекистон 1-лигасидан расман четлаштирилгани ҳақида хабар қилди.