Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида жаҳон тиллари ва маданияти фестивали бўлиб ўтди. Унда университет профессор-ўқитувчилари, талабалар, мамлакатимиздаги дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда. 

Фестивалда Ўзбекистон билан бирга Франция, Буюк Британия, Испания, Германия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония, Малайзия каби йигирмага яқин мамлакатнинг маданияти, санъати, миллий анъана ва урф-одатларини акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этилди.

Ўзбек миллий рақслари билан бошланган фестиваль хитой, япон, ҳинд, инглиз, поляк, немис, француз, рус, араб халқлари маданиятини мужассам этган бадиий чиқишлар, саҳна кўринишлари, қўшиқ ва рақслар билан давом этди.

Бу каби фестиваллар талаба-ёшларда дўстлик, бағрикенглик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғуларини янада юксалтиради.