2016 йилнинг 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазирлиги вакиллари ташриф буюрди.

Ўзбекистон делегациясига Адлия вазири Музраф Икрамов, Саудия Арабистони делегациясига эса Адлия вазири ўринбосари Юсуф ибн Абдулазиз Ал-Фарраж раҳбарлик қилди.

Мазкур тадбирни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўз кириш сўзи билан очиб, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазирлиги вакилларига бугунги кунда мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий – ижтимоий ва суд-ҳуқуқ ислоҳатлари ҳамда икки давлат ўртасида савдо-сотиқ, иқтисодиёт, фан ва техника, маданият, спорт ва ёшлар сиёсатига оид, шунингдек икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш, инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш соҳаларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Учрашувда меҳмонлар Ўзбекистоннинг миллий ҳуқуқ тизими ҳамдаЎзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий фаолияти ва йўналишлари билан таништирилди.

Шундан сўнг, Саудия Арабистони делегацияси раҳбари, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазирининг ўринбосари Юсуф ибн Абдулазиз Ал-Фарраж Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ва делегациясига юксак эҳтиром ва эътибор учун чин кўнгилдан миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистон Республикаси билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқалари, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазирлигининг асосий фаолияти ва йўналишлари тўғрисида сўзлаб берди.

Музокаралар дўстона ва амалий руҳда ўтказилди. Томонлар ҳар иккала давлат Адлия вазирликлари ҳамкорлиги бўйича Меморандум лойиҳаси келишувига эришди ва лойиҳа делегация раҳбарлари томонидан маъқулланди.

Музокалар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан Саудия Арабистони Подшоҳлиги Адлия вазирлиги вакиллари иштирокида икки мамлакат адлия вазирликлари ўртасидаги англашув Меморандуми лойиҳасининг муҳокамаси бўйича келишув баённомаси имзоланди.