Бокс афсонаси Муҳаммад Али нафас олиш аъзоларидаги муаммо сабабли шифохонага ётқазилди. Бу ҳақда TMZ портали хабар бермоқда.

74 ёшли собиқ боксчининг оиласи Алининг аҳволи қониқарли эканлигини маълум қилди.

Паркинсон касаллигидан азият чекувчи боксчи охирги марта омма олдида апрелда кўриниш бериб, Аризона штатидаги хайрия кечасига ташриф буюрганди.

Али оиласининг расмий вакили Боб Ганнелл собиқ спортчига ўпкасидаги муаммолар сабабли унча узоқ бўлмаган вақт шифохонада ўтказишига тўғри келишини айтди.

"Алини унинг шахсий шифокорлари жамоаси даволайди. Унинг аҳволи ўртамиёна", деб маълум қилди Ганнелл. Ганнелл Али оиласининг ОАВ "шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини ҳурмат қилишлари қатъий сўралган" истагини етказиб қўйди.

Собиқ боксчи охирги марта 2014 йил 20 декабрда шифохонага ётқазилганди. Ўшанда унинг сийдик чиқариш йўлларида муаммолар аниқланганди.

Али ўзининг профессионал фаолиятида 61 та жанг ўтказиб, 56 тасида зафар қучган, 5 тасида мағлубиятга учраган. Унинг номи профессионал бокснинг рамзига айланган, у ўйлаб топган "қўллар ишлайди, кўзлар кўради: капалак каби қанот қоқиб, ари каби чақ" тактик схемаси ҳозирда ҳам қўлланиб келади. Али, шунингдек, 1960 йилги Олимпия чемпиони ҳисобланади, 1999 йилда "аср спортчиси" деб тан олинганди