Украина ва АҚШ ўртасида Киевга 1 млрд доллар миқдоридаги навбатдаги учинчи транш тақдим этилиши тўғрисидаги келишув имзоланди. Бу ҳақда Украина Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар тарқатган.

"3 июнь куни АҚШ Украинага 1 млрд долларлик кредит маблағи ажратиши тўғрисида келишув имзоланди. Бу бўйича ҳужжатни Украина номидан мамлакат молия вазири Александр Данилюк, АҚШ ҳукумати номида элчи Жеффри Р.Пайетт ҳамда USAID миссияси вакили Жоэль Сандефур имзолаган", дейилади хабарда.

Май ойида АҚШнинг Украинага 1 млрд доллар миқдоридаги учинчи траншни ажратиши тўғрисидаги режа АҚШ вице-президенти Жозеф Байден томонидан тасдиқланганди.

Бу маблағлар порахўрликка қарши курашда тергов ва суд жараёнларини кучайтириш ҳамда мамлакатда Жаҳон валюта фонди дастурларига мос келувчи солиқ ислоҳотларини ўтказишда кафолат бўлиб хизмат қилиши таъкидланмоқда.